29 май кунги Жума ибодати вақтида Ўзбекистондаги масжидларда имомлар Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни (1 июнь) муносабати билан ўз маърузаларини оилада фарзанд тарбияси мавзусида олиб боришди.

Маъруза давомида хориж ОАВи орқали ҳафта бошида Фарғонанинг Марғилон шаҳридаги масжидлардан деворий лавҳалар ҳамда пештоқларга осиб қўйилган 5 вақт намоз вақтларини кўрсатиб турадиган электрон ускунлар мажбурий тарзда олиб ташланаётгани ҳақида туҳматона хабарлар тарқатилгани эслаб ўтилиб, бундай ишлар ғаразгўй кимсалар томонидан олиб борилаётгани таъкидланди.

Маърузада оилада яхши муҳит таъминланиб, фарзандлар тарбиясига зарар келтирмасликка эътиборли бўлиш тавсия этилди ҳамда жанжалли оилаларда шунга яраша хулқи ёмон болалар вояга етиши қайд этиб ўтилди.

"Дин ниқоби остида динга зид ишларни амалга ошираётган жангарилар айнан шундай оилалардан етишиб чиққан", дейди имом.

Хулоса ўрнида, маъруза якунида Ўзбекистонда дин эркинлиги ва барча шароитлар муҳайё этилгани қайд этилиб, мамлакатда 2040та жомеъ масжид фаолият юритаётгани маълум қилинди.

Имомнинг маълум қилишича, Рамазон ойида республика бўйлаб кўплаб жомеъ масжидларда хатми Қуръон қилинади.