1 июнь – Халқаро болалар кунининг ҳар йили республикамизда кенг нишонланиши Ўзбекистонда болалар ва ёш авлодга Ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя сиёсатининг яққол мисоли бўлиб хизмат қилади.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тасарруфидаги
6 та болалар учун “Мурувват” интернат уйларида 1,5 минг нафардан зиёд ногирон болалар давлат таъминотига олинган бўлиб, ушбу “Мурувват” интернат уйлари ўртасида спорт мусобақаларининг республика босқичи юқори савияда ўтказилмоқда.

Ушбу тадбирнинг Халқаро болалар кунида ўтказилиши унга ўзгача маъно ва шуур бағишлайди. Республикамизда ногирон болаларнинг ижтимоий ҳимояси янада кенгайди ва уларга хизмат кўрсатувчи тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базаси янада мустаҳкамланмоқда.

Байрам тадбири арафасида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган 948 нафар имконияти чекланган фуқаролар ногиронлар аравачаси, 561 нафари эшитиш мосламаси, 971 нафари хасса ва 491 нафари қўлтиқтаёқ билан таъминланди.

Бугунги спорт ўйинларида Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳри (2) дан болалар “Мурувват” интернат уйлари тарбияланувчилари, жами 6 та команда (75 нафар ногирон болалар) қатнашмоқда.

Спорт мусобақаларининг республика босқичида иштирок этаётган
75 нафар ногирон болаларга Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан медал ва фахрий ёрлиқлар ҳамда ҳомий ташкилотлар томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.

Ногирон болалар ўртасида спорт ўйинларига ўзларининг муносиб совғалари билан келган ҳамкорлар – Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши, “Ўзбекистон темир йўллари” Давлат акциядорлик компанияси, Ўзбекистон “Камолот” ёшлари ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши, “Соғлом авлод учун” хайрия жамғармаси, Ўзбекистон ногиронлар жамияти ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакиллари алоҳида жонбозлик кўрсатишди.