АҚШдаги Кремний водийсида жойлашган Утилизация маркази Apple ишлаб чиқарган илк шахсий компьютерларидан бири бўлган ноёб компьютерни чиқинди сифатида топшириб юборган аёлни қидирмоқда. Ушбу Apple I русумидаги компьютернинг нархи 200 минг долларга яқинни ташкил қилади, деб хабар бермоқда компания.
SanJoseMercuryNews нашрининг ёзишича, аёл ўз эрининг ўлимидан кейин уйини тозалаётган пайтда эрига тегишли бўлган электроника солинган бир нечта қутини утилизацияга топшириб юборган. Чиқиндилар орасида Apple I компьютери ҳам бўлган. Бу компьютер яқинда шахсий коллекциялардан бирига сотиб юборилди. Шу муносабат билан утилизация компанияси аёлга ушбу компьютер учун 100 минг доллар беришга тайёрлигини айтмоқда.

Apple I компьютери Apple асосчилари Стив Жобс, Стив Возняк ва Рон Уэйн томонидан яратилган шахсий компьютернинг илк моделларидан ҳисобланади. Компьютер 1976 йилда 200 дона миқдорида ишлаб чиқарилган.