1 июнь куни, 2015 йилги Computex кўргазмасининг бошланишидан бир кун олдин ASUS компанияси барча янги ускуналар тақдимотини бирваракайига ўтказди.
Биринчи янгилик ZenWatch 2 соатлари бўлди. “Ақлли” аксессуар Android Wear тизимида ишлайди ва биринчи авлод соатларининг барча имкониятлари билан бир қаторда, янги имкониятларга ҳам эгадир. ZenWatch икки моделда тақдим қилинмоқда – 22 ва 18 мм ли камарли вариантлар. Кенгроқ камарли моделга киритилган янгилик шундан иборатки, унга ўрнатилган ташқи аккумулятор соатнинг ишлаш муддатини (1.5 сутка) кўпайтириб беради.

Селфи ишқибозлари учун компания ZenFone 2’нинг қайта ишланган нусхасини тақдим этди. ZenFone Selfie ускунасининг олдида ва орқасида 13 мегапикселли иккита камера бор.


Тақдимотда MeMO Pad сериясининг ўрнини босадиган ZenPad линейкаси кўрсатилди. Планшетлар 7, 8 ва 10 дюймли экранларга эга. Тақдим этилган ZenPad S 8.0 6.6 мм қалинликка ва 298 гр вазнга эга. Экран ечими 2048Х1536. 64-bit Atom Z3580 процессори ва 4 Гб оператив хотира ҳар қандай оғирликни кўтариши мумкин.

Zen AiO моноблоки Apple iMac’ка яқин шаклда ишланган. У 23,8 диагоналли экранга, 3D-камера ва Intel RealSense технологияси билан жиҳозланган.

Шунингдек, Windows 10 дастурий таъминотининг эълон қилинишига ASUS T100HA ноутбук-трансформерни ҳозирлаб қўйишди. 10 дюймли планшетни бир пайтнинг ўзида ҳам клавиатура, ҳам сенсорли панелни ўз ичига сиғдирувчи базада қўлласа бўлади. Уни сенсорли экран орқали бошқариш мумкин бўлади.