Наманганлик тадбиркор Бунёд Наимов кўп маротаба қонунни бузиб, қаллоблик қилишда айбланмоқда. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” газетаси хабар бермоқда.

Айтилишича, у Наманган шаҳар ҳокимлигидан якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтгач, Чортоқдаги МЧЖлардан бирининг ҳисобчиси билан тил бириктирган ҳолда 8 бош қорамолни баҳосидан юқори нархларда пул ўтказиш йўли билан сотиб олишга келишган. Наимов қорамолларга эга бўлгач, уларни бозорда 29 млн сўмга сотган.
Бундан ташқари, тадбиркор Халқ банкининг Тошкент вилояти Чиноз туман филиалида очилган ҳисоб рақами орқали бир ойда 1 млн, Миллий банкнинг Тошкент шаҳар Ҳамза тумани филиалида очилган ҳисоб рақами орқали 11 млн сўм дебет ва яна шунча кредит айланмаларини амалга оширган.
Наимов пул кўчириш йўли билан сотиб олинган 11 млн 784 минг сўмлик маҳсулотларни нақд пулга сотган. Аммо савдодан тушган пулни назорат-касса машинасига кирим қилмасдан, банкдан яширган. Ўз ишларини яшириш учун тадбиркор қатъий ҳисобдаги бухгалтерия ҳужжатларини қасддан йўқ қилиб юборган.
Бунёд Наимовнинг шу бошқа ишлари фош қилиниб, тадбиркор жиноий жавобгарликка тортилди.