2014 йилдаги фаолият якунларига кўра Ўзбекистон Миллий авиакомпаниясининг Самарқанд, Бухоро ва Урганч аэропортлари “МДҲ мамлакатларида йилнинг энг яхши аэропорти” танлови ғолиблари бўлди. Бу ҳақда авиакомпаниянинг расмий сайти орқали хабар берилди.
Таъкидланишича, ушбу танловда Ўзбекистон аэропортлари илгари ҳам иштирок этиб, турли номинацияларда ғолибликни қўлга киритган. Ўтган йилги натижалар эса бир йўла уч номинацияда ғолибликни келтирди.
Йилига 200-500 минг йўловчи ташийдиган Самарқанд аэропорти “Фаоллик ва интилувчанлик учун”, Урганч аэропорти “Ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қўшган катта ҳиссаси учун” номинациялари бўйича ғолибликни қўлга киритди, Бухоро аэропорти эса яширин овоз бериш йўли билан 200 минггача йўловчи ташийдиган аэропортлар ичида “МДҲ давлатларида йилнинг энг яхши аэропорти” деб топилди.
Ғолиб аэропортларга кубоклар ва фахрий ёрлиқлар топширилди.