Хитой пойтахтидаги жамоат жойларида чекишни тақиқлаш тўғрисида қонун кучга кирди. Эндиликда пекинликлар ресторанлар, офислар, мактаблар ва шифохоналар ҳудудида чекмасликлари керак бўлади. Шунингдек, мактаблар биносига 100 метр яқин ҳудудгача тамаки маҳсулотлар сотиш тақиқланади. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар берган.

Бу тақиқларни бузувчига нисбатан 200 юань (32 доллар) жарима белгиланади. Ўз навбатида ўз ходимларининг жамоат жойларида чекишига йўл қўйган компаниялар 10 минг юань (1,6 минг доллар) миқдоридаги жаримага тортилади.

Шунингдек, уч марта қоидани бузган шахсларнинг номлари ҳукумат сайтида эълон қилиниб, жамоатчилик танқидига учрайди. Хитойда бу қонун ижросини таъминлаш учун минглаб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар жалб қилинади.

Маълумот учун, Хитойда тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш кенг ривожланган бўлиб, баъзи мактаблар тамаки компаниялари номи билан аталади. Хитойда 300 млн нафар киши кашанда ҳисобланади. Хитой аҳолисининг 740 млн нафари пассив чекувчилар, уларнинг 180 миллионлик қисми болалардир.

2014 йилда Хитойдаги боғчалар ва ўрта мактаблар ҳудудида чекишни тақиқловчи қонун жорий қилинганди.