Регби бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Ҳиндистон термасига қарши икки босқичда ўтказилган ўйинлар натижаларига кўра ғолиб деб топилиб, Осиё чемпионатининг учинчи дивизионида биринчиликни қўлга киритди. Эндиликда у Осиё чемпионатининг иккинчи дивизионида тўп суради.
Учрашувлар 27 ва 30 май кунлари Юқори Чирчиқ туманидаги “Дўстлик” стадионида ўтказилди. Биринчи учрашувда ҳиндлар 8:31 ҳисобида ғалаба қозонди, иккинчи ўйинда эса 32:15 ҳисоби билан Ўзбекистон ғалаба қозонди.
Регби бўйича Осиё чемпионати 5 дивизион ва энг кучлиларни ўзида жамлаган Топ-3 баҳсларида ташкил топган. Чемпионат структураси биринчи, иккинчи ва учинчи даражадаги учта дивизиондан (Шарқий, Жанубий-Марказий ва Ғарбий) иборат.
Жанубий-Марказий дивизион ўйинларида Ҳиндистон, Покистон ва Ўзбекистон терма жамоалари баҳслашиши керак эди. Покистон терма жамоаси мусобақада иштирок эта олмагани учун Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида иккита учрашув ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинди.