Россиянинг Омск вилоятида икки нафар Ўзбекистон фуқароси чегарани бузганлиги учун қамоққа ҳукм қилинди.
Исилкўл шаҳар суди 27 ёшли Игорь Лисенко ва 22 ёшли Абдураҳим Оҳуновни давлат чегарасини ноқонуний бузишда айблаб, тегишли жазога ҳукм қилди. Суд жараёнида аниқланишича, 2015 йилнинг 31 январь куни улар мамлакатда бўлиш қоидаларини бузганликлари боис Россия ҳудудидан чиқариб юборилган.
Лекин орадан икки кун ўтиб, ўзбекистонликлар Исилкўл туманидаги Рославка қишлоғи яқинида давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтган ва Россия ҳудудига яна кирган. Улар Омск шаҳрига келиб, меҳнат фаолияти билан шуғулланиши керак эди.
Чегара қисмлари томонидан ўтказилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида ҳуқуқбузарлар аниқланиб, қўлга олинган ва судга топширилган. Лисенко суд томонидан 6 ойга, Оҳунов эса 1 йилга озодликдан маҳрум қилинди.