Дортмунднинг “Боруссия” футбол жамоаси бош мураббийи Юрген Клопп жамоадан кетгандан кейин фикрларини жамлаб олиш учун ўз фаолиятида танаффус олишини маълум қилди. У бу ҳақда ўзининг маслаҳатчиси Марк Козике билан учрашгандан кейин айтди.

“7 йил давом этган ҳиссиётли “ҳақиий муҳаббат”дан кейин янги ишга қўл уришдан олдин хотираларни бироз ҳазм қилиб олиш маънога эга, деб ҳисоблайман”, деб айтди Клопп.

15 апрелда Клопп мавсум тугагандан кейин “Боруссия”дан кетиши ҳақида маълум қилгандан кейин унинг кейинги фаолияти ҳақида деярли ҳар куни турлича фикрлар билдирилаётган эди. Унинг бўлғуси иш жойи сифатида “Манчестер Сити", "Реал", "Наполи", “Ливерпуль” жамолари номлари келтирилди.

30 майда “Боруссия” Германия Кубоги финалида “Вольфсбург”га 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Бу учрашув Клоппнинг “Боруссия” таркибида бош мураббий сифатида ўтказган сўнгги учрашуви бўлди.