“Реал” билан Чемпионлар Лигаси яримфиналидан олдин “Ювентус” ишқибозларидан ўзларининг севган жамоалари Мадрид клуби устидан ғалаба қозониши учун улар нималарга тайёр эканликлари ҳақида сўровнома ўтказилди.

“Юве”нинг катта ишқибози, велопойгачи Николо Де Марки Берлингача пиёда боришга тайёрлигини айтган. У “Ювентус”дан Туриндан Германия пойтахтигача бўлган маршрут акс этган фотосурат солинган мактубни олгач, йўлнинг олислигидан ҳайратда қолди. “Пиёда боришга энди кеч бўлди. Балки Берлингача велосипедда борарсан?”, деб ёзилганди мактубда.

Де Марки ўзининг севимли жамоасига жавобан “Агар финал учрашувига билет олиб берсанглар, мен эртагаёқ йўлга отланаман”, деб айтди ва Турин жамоасининг розилигини олди.

Велопойгачи ўз йўлини “Юве”нинг уй майдони “Ювентус Стэдиум”дан бошлади. Умумий ҳисобда италиялик велопойгачи 1100 км йўл босиб ўтиши керак бўлади. Берлинга йўл давомида у Швейцария, Лихтенштейн ва Германияда 8 марта тўхташни амалга оширади. Германия пойтахтига у финал учрашувидан 2 кун олдин – 4 июнь куни етиб келиши кутилмоқда.