Москвада 16 майдан бошлаб ҳар дам олиш кунлари “РазДельный сбор. Москва” ҳаракати кўнгиллилари томонидан ташкил этилган чиқиндиларни қабул қилиш мобиль пунктлари фаолият юритмоқда.

Бу тадбир 6 ой давом этади. Бир ой ичида юк машинаси кўринишидаги мобиль пункт бутун шаҳар бўйлаб 40та жойда тўхтаб, бир соат давомида чиқиндиларни қабул қилади.

Тадбирдан мақсад аҳолининг эътиборини чиқиндиларни хавфсиз утиллаштириш, доимий қабул қилиш пунктлари ҳақида маълумот бериш ва доимий пунктлар очилмаган ҳудудларда чиқиндиларни қайта ишлашга топшириш учун қўшимча имкониятларни яратишдан иборат.

Қайта ишлашга макулатура (қоғоз, картон), шиша идишлар (банкалар ва ичимлик идишлари), пластик идишлар, флаконлар, канистралар (01 “PET” ва 02 “HDPE” белгисига эга ичимлик ёки маиший кимё идишлари), алюмин банкаларни топшириш мумкин.

Йиғилган чиқиндилар Москвадаги “Таратрейд” компаниясига юборилади. Компания ходимлари чиқиндиларни турига кўра ажратиб, брикет шаклида пресслаб, қайта ишловчи заводларга юборади.