Шимолий Каролина штатидан бўлган республикачи сенатор Линдси Грэм 1 июнь куни ўзининг она шаҳри Сентралда 2016 йилда бўлиб ўтадиган АҚШ президентлиги учун сайловда иштирок этиш нияти борлигини маълум қилди.

Грэм ҳозирда 59 ёшда бўлиб, Washington Post нашрининг ёзишича, унинг номзоди республикачилар сафларидаги консерваторлар қаршилигига учраши мумкин. У 2013 йилда бир қатор муҳожирларга фуқаролик бериш тўғрисидаги қонун лойиҳасини илгари сурган эди.

Ҳозирга қадар республикачилардан сенаторлар Тед Круз, Рэнд Пол, Марко Рубио, Арканзас штати собиқ губернатори Майк Хакаби, нейрохирург Бен Карсон, Нью-Йорк штати собиқ губернатори Жорж Патаки, Пенсилвания штатидан собиқ сенатор Рик Санторум ва Hewlett-Packard компанияси собиқ раҳбари Карли Фиорина 2016 йилги президентлик сайловида иштирок этишини билдирган.

Демократлардан эса собиқ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон, Вермонт штатидан мустақил сенатор Бернард Сандерс мамлакат раҳбарлиги учун сайловда иштирок этишини эълон қилган.