Туланинг Косая Гора қишлоғида содир этилган оммавий қотилликни тергов қилиш учун тулалик терговчи Ўзбекистонга хизмат сафари билан келиши эҳтимоли мавжуд.

Ўзбекистон фуқароси, 29 ёшли Серажин Шералиев беш кишининг қотиллигини амалга оширганликда ягона гумондор шахс ҳисобланмоқда.

Тула вилояти бўйича Россия Тергов қўмитаси тергов бошқармаси раҳбарининг катта ёрдамчиси Зинаида Каминскаянинг айтишича, ҳозирда ушбу ишни тергов қилиш давомида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот муассасалари билан халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи ҳал қилинмоқда.

“Эҳтимол бизнинг ходимимиз Ўзбекистонга хизмат сафари уюштириши мумкин. Ҳар қандай вазиятда ҳам биз Ўзбекистон тергов органлари билан ҳамкорлик қиламиз. Айни пайтда ҳибсга олинган шахс ҳақида маълумотлар аниқлаштирилмоқда”, деб айтди Каминская.

Ҳозирда қотилликда гумон қилинаётган шахс икки ойга ҳибсга олинган. Терговчилар қотилликка миллатлараро адоват сабаб бўлганини инкор этишмоқда.