Ҳиндистонда ёмғир чақириш ва мўл ҳосил бўлиши учун бир эркак бошидан жудо қилинди. Бу ҳақда The Hindustan Times нашри хабар бермоқда.

Қурбонлик Ҳиндистоннинг шарқида жойлашган Жаркханд штатида амалга оширилган. 55 ёшли Тхепа Корий исмли эркакнинг бошсиз жасади унинг Кхарвади-Кадамдохар қишлоғидаги уйида топилди. Полициянинг хабар беришича, эркак тонготар пайти 31 майда ўлдирилган. Қотиллар унинг бошини ўзлари билан олиб кетган.

Полиция ва марҳум яқинларининг фикрича, бу қотилликни “мудкатва” ёки “орка” деб аталувчи секта издошлари амалга оширган. Бу гуруҳ ўз қурбонларининг бошини кесиб олиб, уларни ёмғир ва мўл ҳосил олиш мақсадида гуруч экилган майдонларга кўмишлари билан танилган. Ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари сектантларга қарши кампанияни бошлашларини маълум қилдилар.

“Мудкатва” сектаси Жаркхандада бир неча юз йиллардан бери фаолият юритиб келади. Бу сектага деҳқончилик билан шуғулланувчи табақа вакиллари мансублар. Бошдан жудо қилиш ҳоллари деярли ҳар йили қайд қилинади. 2012 йилда қишлоқлардан бирида яшовчи эркак ҳосил олиш мақсадида рафиқасининг бошини қурбонликка келтирган. 2013 йилда қишлоқ аҳли сектантлар қўлидан қурбонлик қилишга тайёрлаб қўйилган балоғатга етмаган қизни тортиб олишга муваффақ бўлишган. Полиция баъзида бу қотилларнинг изига тушишга муваффақ бўлишади. 2007 йилда бешта қотилликни амалга оширишда айбланган 70 ёшли эркак қўлга олинган эди.

Маҳаллий аҳоли сектантларнинг навбатдаги қурбонига айланишдан қўрқиб, сектантлар устидан шикоят қилишга ботина олишмайди.