Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2014 йилда 410 млн долларни ташкил қилди. Бу эса 2013 йилдагига нисбатан 16,6 фоизлик ўсишни кўрсатди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари ҳамда Ташқи ишлар вазири ҳисобланадиган Рашид Мередов билан учрашув чоғида маълум қилди.

Учрашувда мамлакатларимиз қатор глобал ва минтақавий тузилмалар доирасида халқаро майдонда ҳам фаол ҳамкорлик қилиб келаётгани таъкидланди.

Туркманистон Ўзбекистоннинг Оролни қутқариш халқаро жамғармасига амалдаги раислигини, шу жумладан, “Орол денгизи ҳавзасидаги мамлакатларга ёрдам кўрсатиш бўйича ҳаракат дастури”нинг учинчи босқичи ва БМТ Бош Ассамблеяси 68-сессиясида расмий ҳужжат сифатида қабул қилинган «Орол денгизи қуришининг оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйида экотизимлар ҳалокатининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастури» амалга оширилишини қўллаб-қувватлайди.

Учрашувда томонларни қизиқтирган халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик бошқа масалалар юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.