Огайо штатининг Майкл Чикконетти исмли судьяси 19 ёшли Виктория Баскомни такси ҳақини тўламагани учун деярли 50 км пиёда юришга мажбур қилди. Бу ҳақда ABC News телеканали хабар бермоқда

Қиз таксида айнан шунча масофадаги йўл юргандан кейин ҳайдовчига пул бермаган. Судья қизга танлаш ҳуқуқини берди: ёки қамоқхона, ёки тарбиялаш мақсадида пиёда юриш. Бундан ташқари, судья қиз бу масофани 2 кунда босиб ўтиши кераклигини айтган. Шунингдек, қизнинг зиммасига ҳайдовчига 100 доллар хизмат ҳақини тўлаб бериш мажбурияти қўйилган.

Қиз қамоққа тушишдан қўрқиб, пиёда юришни афзал билди. Қиз ўзининг жазосини ўташни бошлаганда, судья қизнинг тупроқли йўлдан юришини инобатга олиб, унга раҳм қилиб масофани 32 км гача камайтирди.

Чикконетти ўзининг ноодатий қарорлари билан ном чиқарган. Аввалроқ у ўрмонга 35та мушук боласини ташлаб кетган аёлни ўрмонда тунни ўтказишга мажбур қилган эди.

“Одатда мен ёш, таъсирчан ва биринчи марта қонунни бузаётган шахсларга қамоқ жазоси ва бошқа бир жазони танлаш ҳуқуқини бераман. Бундай жазони қўллашдан мақсад айбланувчи қандай қарорни қабул қилишидан қатъи назар, у судга бошқа қайтишни хоҳламаслигидан иборат”, деб айтмоқда қонун пешвоси.