ФИФА президенти Йозеф Блаттернинг маслаҳатчиси Вальтер Гагг унинг ташкилот раҳбарлигидан истеъфо бериши нима билан боғлиқлигини ойдинлаштирадиган маълумотни билдирди.
 
"Охирги 48 соат давомида ҳамма нарса бирдан ўзгариб кетди. Блаттернинг бундай нияти йўқ эди. Балки у ўзининг кетишини эълон қилишидан бир неча дақиқа олдин шундай қарор қабул қилган бўлиши мумкин.
 
1 июнь куни биз биргаликда чошгоҳ қилдик. Ўшанда унинг кайфияти аъло даражада эди. 2 июнь тонгида у билан учрашганимизда ҳам уни ҳаётдан хурсанд ҳолатда кўрдим.
 
Лекин куннинг иккинчи ярмида АҚШдан нохуш хабарлар оқиб кела бошлади...", дейди Гагг.
 
Эслатиб ўтамиз, 2 июнь кунининг иккинчи қисмида ФИФАнинг бош котиби Жером Вальке 2008 йилда ташкилотнинг собиқ вице-президенти Жек Уорнернинг ҳисоб рақамига 10 млн доллар ўтказиб бергани аниқланган ва бу пул 2010 йилги Жаҳон чемпионатининг ЖАРда ўтказилиши билан боғлиқлиги тахмин қилинганди.