Навоий шаҳридаги “Триумф горняк” масъулияти чекланган жамияти қошидаги “Mirtex” тикувчилик мажмуасида 18 турдаги маҳсулот тайёрланмоқда.

"Замонавий тикув дастгоҳлари билан жиҳозланган мажмуада маҳсулот сифатига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда болалар, эркаклар ва аёллар кийимлари тайёрланаётган корхонамизда 60 нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Фаолиятимизни йўлга қўйишда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Навоий филиалидан олинган 159 миллион сўмлик кредит маблағи жуда қўл келди, 115 дона тикувчилик жиҳозлари харид қилдик", – дейди “Mirtex” тикувчилик мажмуаси бошлиғи Олима Бобоқулова. 

Корхонада буюртма асосида махсус кийимлар ҳамда мактаб формалари ҳам тикилмоқда. Тикувчиларнинг аксарияти коллежни битирган ёшлар ҳисобланишади. Жорий йил бошида иш бошлаган тикувчилик мажмуасида йил якунига қадар ишчилар сонини 100 нафарга етказиш режалаштирилмоқда. Хусусан, жорий йил касб-ҳунар коллежларини тамомлаётган 7 нафар қиз билан уч томонлама шартнома имзоланди.

Жорий йилда корхона маҳсулотларини экспортга чиқариш режалаштирилган.