Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Найтҳарт Ҳёфер-Виссинг 2015 йил 5 июнь куни элчихонада бўлиб ўтадиган тантанали маросим доирасида Германияда немис тилини ўрганиш, таҳсил олиш ва тадқиқот ишларини олиб бориш бўйича жорий йил стипендияларига оид дипломларни ўз эгаларига топширади. Ушбу йилда Ўзбекистондан жами 83 нафар талаба, ўқитувчи ва тадқиқотчилар Германия олийгоҳлари ва тадқиқот институтларида илмий изланишлар олиб бориш бўйича рағбатлантирилади.
Мазкур тадқиқот стипендиялари ёш ўзбек олимларининг Германия олийгоҳларида илмий ишни ёқлаш (PhD) ниятларини рағбатлантиришга, тадқиқот лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга ҳамда ўзбек олимлари ва олийгоҳ ўқитувчиларининг Германия олийгоҳлари билан тадқиқотлар борасидаги илмий алмашинувига хизмат қилади. Германияда ўқишга доир стипендиялар магистратура йўналишидаги таълимни тўлиқ молиялаштиришга асосланган. Бундан ташқари, немис тили бўйича аъло даражадаги билимга эга ўзбек талабаларига Германия олийгоҳларидаги ёзги курсларда иштирок этиш учун ҳам бир қанча стипендиялар ажратилган. Ушбу стипендиялар бир томондан бакалавр ва магистратура йўналишидаги ўзбек талабалари ва иккинчи томондан Германия олийгоҳлари ўртасида тил ва маданиятга йўналтирилган ўзаро алмашинувни мақсадли равишда қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Ўзбекистонлик тадқиқотчилар, олийгоҳлар ўқитувчилари, ёш олимлар ва билимли ёшларнинг стипендиялар тақдимоти орқали намоён бўлаётган академик рағбатлантирилиши Ўзбекистон ва Германия ўртасида маданият, илм-фан, техника ва иқтисодиёт йўналишидаги муносабатларни истиқболли ривожлантиришга ҳисса қўшади.
Тантанали маросим доирасида Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети қошидаги 2-сонли академик лицей, Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институти қошидаги 1-сонли академик лицей ҳамда Фарғона Давлат университети қошидаги 3-сонли академик лицей битирувчиларига Германия маданият вазирлари анжуманининг немис тили бўйича жами 15 та дипломи топширилди. Хориждаги мактаблар бўйича Германия марказий бошқармаси (ZfA) билан ҳамкорлик қиладиган мазкур уч лицейда талабалар немис тили бўйича 2-даражали дипломни олиш учун халқаро доирада тан олинган тил имтиҳонини топширишади. Ушбу даража Хорижий тилларни ўрганиш бўйича умумевропа стандартларининг C1 даражасига мос келади ва Германия олий ўқув юртларида таҳсил олишда немис тили борасида зарур бўлган билим мавжудлигини тасдиқловчи расмий ҳужжат сифатида хизмат қилади. Лицей талабалари бу орқали ўзларининг касб ва таълимга оид келгуси мақсадларини амалга ошириш учун муҳим воситалардан бирига эга бўлишди.
Хориждаги мактаблар бўйича Германия марказий бошқармаси Ўзбекистонда 1994 йилдан бошлаб мактаб ва лицейларни чуқурлаштирилган немис тили дарслари ўтишда қўллаб-қувватлаб келади ва бу орқали “Мактаблар: келажак ҳамкорлари” ташаббуси доирасида Ўзбекистонда чет тили ўқитилишинининг такомиллаштирилишига ўзининг фаол ҳиссасини қўшиб келмоқда. ZfA билан ҳамкорлик қиладиган ушбу мактаб ва академик лицейларда жами 6400 нафарга яқин ўқувчи чет тили сифатида немис тилини ўрганишмоқда.

Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси

Маданият ва матбуот бўлими.