Қатар футбол ассоциацияси президенти шайх Ҳамад бин Халифа бин Аҳмад Ал Тоний Англия футбол ассоциацияси президенти Грег Дайкнинг хатти-ҳаракатларига ўз муносабатини билдирди.

Йозеф Блаттер ФИФА президентлигилан истеъфо беришга қарор қилганидан сўнг англияликлар 2018 ва 2022 йилларда Россия ва Қатарда бўлиб ўтиши режалаштирилган жаҳон чемпионати мезбонлигини қайта кўриб чиқишни таклиф қилишмоқда.

"Жаноб Дайкнинг Қатарни жаҳон чемпионати мезбонлигидан маҳрум қилишга бўлган ҳаракатлари, мундиалнинг биринчи марта Яқин Шарқда ўтишидан унинг хавотирга тушаётганини билдиради. Биз жаноб Гарсия ўтказган текширув билан ҳамкорлик қилдик ва тўла оқландик. Биз шу йўналишда давом этамиз.

Биз жаноб Дайкнинг текширувларга халақит бермаслигини истаймиз. Шунингдек, унга Англия терма жамоасининг 2022 йилдаги мундиалда иштирок этиши бўйича қайғуришни маслаҳат берамиз", - дейди шайх.