Travelsystem компаниясининг 700 нафар қозоғистонлик фуқароси Туркиядаги меҳмонхоналардан чиқариб юборилиши мумкин. Бу ҳақда Қозоғистон туристик агентликлари уюшмаси вакили Денис Кривошеевга таянган ҳолда Tengrinews.kz ресурси хабар бермоқда.
Бундан ташқари, Travelsystem компаниясининг SCAT авиакомпанияси билан ҳамкорликда келиб чиққан муаммолар туфайли 80 нафар сайёҳ ўз юртига қайтиб кета олмаслиги мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Travelsystem туристик оператори расмий сайти орқали ўз фаолиятини тўхтатишини эълон қилди. Эндиликда 4-5 июнь куни Туркияга учадиган рейслар ҳам қолдирилиши мумкин.
26 май куни SCAT авиакомпанияси қарздорликнинг кўпайиб кетаётганини айтиб, Travelsystem устидан судга арз қилган эди. У 2015 йил ёз мавсумида туристик оператор билан ҳамкорлик қилишдан бош тортди.
Бу воқеалардан сўнг туристик оператор фаолиятини тўхтатди. Ўз навбатида, Туркияда дам олаётган сайёҳлар бу туфайли зарурий хизматларсиз қолиб кетиши мумкин.