“Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида “Avtosanoat-Landi Renzo” қўшма корхонаси фаолият бошлади. Бу ерда автомобиллар учун газ редукторлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Умумий қиймати 800 минг АҚШ долларилик ушбу лойиҳа “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси ҳамда Италиянинг “Landirenzo” компанияси ҳамкорлигида амалга оширилди. 

"Мавжуд технологияларимиз ёрдамида йилига 20 минг дона эҳтиёт қисм тайёрлаш имкониятига эгамиз. Жорий йил охиригача қувватлар ўзлаштирилиб, уч сменали иш тартибига ўтамиз. Маҳсулотларимиз ички бозордан ташқари, чет эллик ҳамкорларга ҳам етказиб берилади. Шунингдек, Маҳаллийлаштириш дастури доирасида редукторларнинг барча деталларини шу ернинг ўзида тайёрлаш бўйича истиқболли лойиҳалар устида ишлаяпмиз. Бу эса қўшимча иш ўринлари яратилиши ва валюта тежалишига ҳам хизмат қилади", — дейди корхонанинг маркетинг ва савдо бўлими бошлиғи Анвар Бобоев.