Италиянинг “Ювентус” футболчиси Жоржо Кьеллини жароҳати туфайли Чемпионлар Лигаси финалида “Барселона”га қарши ўйинга туша олмайди.

Ҳимоячи 3 июнь куни машғулот пайтида оёғидан жароҳат олди.

Аввалроқ италиялик футболчи Бразилияда ўтган 2014 йилги жаҳон чемпионатида Италия термасининг Уругвай термаси билан учрашуви пайтида уругвайлик футболчи Луис Суарес уни тишлаб олганига қарамасдан, ҳозирда “Барселона” сафида тўп сураётган уругвайлик билан финалда қўл бериб сўрашишга ваъда берган эди.

Маълумот учун, ушбу нохуш воқеа жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг 3-турида Италия ва Уругвай ўртасидаги учрашувнинг 78-дақиқасида рўй берган. Италияликларнинг жарима майдонида кураш пайтида Кьеллини қўлини силтаб тирсаги билан Суарес юзига тегиб кетганида, уругвайлик ҳужумчи унинг елкасидан тишлаб олган эди. Уругвайлик ўйинчи Кьеллинини тишламаганини айтган, бироқ италиялик футболчи унинг тишлашидан қизариб кетган ва тишлар изи яққол кўриниб турган жароҳатни кўрсатган. Кейинроқ Суарес ҳақиқатда Кьеллинини тишлагани тасдиқлангандан кейин у терма жамоанинг 9та расмий учрашувидан четлаштирилган ҳамда 4 ойга футбол билан боғлиқ бўлган исталган фаолият билан шуғулланишдан маҳрум этилган эди.