АҚШ расмийларининг фикрича, ХХРнинг миллий хавфсизлик ва террорчиликка қарши кураш соҳасидаги янги қонунчилиги инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда Давлат Департаменти расмий вакили Жон Кирби Тяньаньмэнь майдонидаги норозилик намойиши муносабати билан қилган чиқишида баёнот берди.

“1989 йилдан буён Хитой ижтимоий ва иқтисодий тараққиётга эришганига қарамай, биз ҳанузгача у ерда инсон ҳуқуқлари поймол қилинаётганидан ташвишдамиз. Биз миллий хавфсизлик, террорчиликка қарши кураш ва нодавлат ташкилотлар фаолиятини назорат қилишга алоқадор қонун лойиҳаси атрофидаги вазиятни кузатиб бормоқдамиз. Афтидан, у Хитойнинг очиқликка содиқлигини шубҳа остига олади ва, агар ҳозирги ҳолатда қабул қилинса, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келиши мумкин”, – деб таъкидлади сиёсатчи.

Маълумот учун, 1989 йили Пекиннинг Тяньаньмэнь майдонида норозилик намойишлари уюштирилган эди. Асосан талабалар иштирок этган акция бир неча ой давом этди. 4 июнь куни намойиш ҳарбий қисмлар ёрдамида тарқатиб юборилди, бунинг оқибатида юзлаб одамлар ҳалок бўлди.