1 июнь куни Ўзбекистон автомобил ва дарё транспорти агентлигида 1994-йил 22-декабрда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ҳамда Беларусь Республикаси ҳукумати ўртасида халқаро автомобил қатнови тўғрисида тузилган битимнинг 19-моддасига биноан, халқаро автомобил қатнови бўйича ўзбек-беларусь қўшма комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон делегацияси таркиби Ўзбекистон автомобил ва дарё транспорти агентлиги, Ташқи ишлар Вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Ўзбекистон халқаро автомобилда ташувчилар уюшмаси (AIRCUZ) вакилларидан тузилган бўлса, Беларус делегацияси таркиби – Беларусь Республикаси Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги, Халқаро автомобилда ташувчилар ассоциацияси (БАМАP) ҳамда ташувчиларнинг (транспорт ташкилотлари) вакилларидан иборат эди.

Ўзбекистон делегациясига Ўзбекистон автомобил ва дарё транспорти агентлиги бошлиғининг ўринбосари Шоолим Шоваҳобов, Беларусь делегациясига – Беларусь Республикаси Транспорт ва коммуникациялар вазирлигининг автомобил ва шаҳар йўловчи транспорти бошқармаси бошлиғи Сергей Дубин раҳбарлик қилди.
 
Тадбир давомида томонлар халқаро автомобилда ташувлар соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг аҳволи тўғрисида фикр алмашдилар, халқаро автомобилда ташувларни амалга ошириш учун алмашиладиган рухсатномалар сонини муҳокама қилишди, шунингдек икки давлат ўртасида автотранспортда юк ташиш билан боғлиқ амалий масалаларни кўриб чиқишди.

Ҳамкорлар халқаро автомобилда ташувлар соҳасида Ўзбек-Беларусь алоқалари жадал ривожланиб бораётганлигини таъкидладилар. Ўтган 2014 йилда икки мамлакат ўртасида автомобилда ташувлар ҳажми (экспорт-импорт) 2013 йилга нисбатан сезиларли даражада ортганлиги алоҳида қайд этилди. Шунинг баробарида томонлар мазкур соҳада икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун чексиз имкониятлар мавжудлигини эътироф этишди.

Халқаро автомобил қатнови бўйича Ўзбек-Беларусь ыўшма комиссиясининг навбатдаги йиғилиши якуни бўйича тегишли ҳужжатлар имзоланди.

Учрашув сўнгида меҳмонларга эсдалик совғалари топширилди.