Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Эрон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди

Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, банк-молия, нефть-газ, кимё, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тўқимачилик, фан ва технологиялар, транспорт ва транспорт коммуникациялари, божхона, сайёҳлик, электротехника каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири, комиссия ҳамраиси Элёр Ғаниев Ўзбекистон билан Эрон ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб йўналишларда, жумладан, савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий соҳаларда ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. 

Икки мамлакат ҳам савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш борасида улкан салоҳиятга эга. 2014 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 374,9 миллион, жорий йилнинг биринчи чорагида 140,9 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Ўзбекистонда Эрон сармояси иштирокида тузилган 120 га яқин қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистонда ушбу мамлакатнинг 8 етакчи компанияси ўз ваколатхонасини очган. 

Транспорт-коммуникация соҳаси ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишидир. 2011 йилда Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон темир йўл коридорини ишга тушириш бўйича битим имзолангани бунга мисол бўла олади. Мажлисда ушбу лойиҳа Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари ўртасидаги ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилиши қайд этилди. 

Ҳукуматлараро комиссия мажлисида Ўзбекистон ва Эрон ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини янада оширишдан, кенг кўламли савдо-иқтисодий, сармоявий ва илмий-техникавий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор экани таъкидланди. Мамлакатларимиз транспорт ва транспорт коммуникациялари, озиқ-овқат, мева-сабзавотчилик, қишлоқ хўжалиги, электротехника, фармацевтика каби соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш борасида катта салоҳиятга эга экани қайд этилди. 

Музокарада Эрон делегацияси Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли хусусийлаштириш жараёни, иқтисодиётни ривожлантириш йўлида изчиллик билан олиб борилаётган ислоҳотлар натижалари, акциядорлик жамиятларига хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун яратилаётган шароитлар, “Навоий”, “Жиззах” ва “Ангрен” индустриал зоналаридаги имкониятлар билан таништирилди. 

"Эрон Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор билан қарайди. Бундай учрашувлар ўзаро ҳамкорлигимиз қамровини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, Ўзбекистон билан иқтисодиёт, саноат, техника ва технологиялар, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва транспорт коммуникациялари, юк ташиш хизмати, фармацевтика каби соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантириш ниятидамиз", – деди Эрон саноат, кончилик ва савдо вазири, комиссия ҳамраиси Муҳаммадризо Неъматзода. 

Музокарада ўзаро ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Савдо, иқтисодиёт, транспорт ва транзит, божхона, фан ва техника, қишлоқ хўжалиги, сайёҳлик, банк-молия каби йўналишлардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. 

Шу куни Ўзбекистон ва Эрон ишбилармон доираларининг учрашувлари бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти, мавжуд имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланиш юзасидан фикр алмашилди. Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, озиқ-овқат саноати соҳаларидаги ҳамкорликни изчил ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.