4 июндан Қирғизистонда рули ўнг томонда жойлашган машиналарни олиб кириш ва рўйхатдан ўтказишга тақиқ кучга киради. Бу ҳақда давлат рўйхатга олиш хизмати хабар бермоқда.

Бу борадаги қонун 26 февраль куни мамлакат президенти Алмазбек Атамбаев томонидан имзоланган эди. Фақатгина чет элликларга тегишли, 6 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга олиб кириладиган машиналар бундан мустасно.

Бундан ташқари, тақиқ коммунал ва қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва йўл таъмири эҳтиёжларига қаратилган машиналар, автокранлар, автобурғулар ва яна баъзи транспорт воситаларига тегишли эмаслиги айтилмоқда.