Хитой телекоммуникацион ускуналарни сертификатлаштириш маркази сайтида high-end-синфидаги Galaxy Tab S2 8.0 планшетининг кўрсаткичлари ҳақидаги маълумотлар ва сурати чоп этилди. Samsung компанияси яқин орада бу планшетни намойиш қилиши кутилмоқда.

Қурилмада 1,9 ГГц такт частотасига эга 8 ядроли процессор (тахминларча, компаниянинг шахсий процессори Exynos 7420) қўлланган. Тезкор хотира 3 Гб ни, флеш-модуль сиғими 16 Гб ни ва кўпроқни ташкил қилади (microSD-картаси ҳисобига оширилади).

Планшет 2048×1536 кўрсатиш қобилиятига эга 8 дюймли AMOLED дисплейи билан жиҳозланган. Планшетнинг олдида 2 Мп ли камера, орқасида 8 Мп ли камера ўрнатилган. Планшет тўртинчи авлод LTE мобиль тармоқларини қўллаб-қувватлаши айтилган.

Планшетнинг оғирлиги 260 граммни, ўлчамлари 198,2×134,5×5,4 мм.ни ташкил қилади. Планшет бундай қалинлик билан 8-дюймли планшетлар тоифасида дунёдаги энг ингичка планшет номини олишга даъвогарлик қилиши мумкин. Планшет Android Lollipop операцион тизими ўрнатилган ҳолда сотилади.