Ўзбекистонлик енгил атлетикачи Светлана Радзивил Осиё чемпиони бўлди

Спорт 04 Июнь 2015 715

Хитойнинг Ушань шаҳрида енгил атлетика бўйича ўтказилаётган Осиё чемпионатининг биринчи кунидаёқ Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига дастлабки олтин медаль ёзилди.

Баландликка сакраш бўйича хотин-қизлар ўртасида бўлиб ўтган мусобақада энг юқори (1 м. 91 см.) натижани қайд этган Светлана Радзивил медаллари коллекциясига Осиё чемпионатининг навбатдаги олтин медалини қўшиб қўйди.

Биринчи кунги баҳсларда, шунингдек, еттикураш бўйича ўтказилган мусобақада Екатерина Воронина ядро улоқтиришда 12 м. 84 см. натижа билан иккинчи кўрсаткични қайд этди. Екатерина 200 м. масофага югуришда 25,66 сония натижа билан олтинчи бўлиб марра чизиғини кесиб ўтди. Айни пайтда Екатерина Воронина еттикурашнинг тўртта турида иштирок этиб 3302 очко жамғарган холда иккинчи ўринда бормоқда.

Узунликка сакраш мусобақасида Дарья Резниченко 6 м. 02 см. натижа билан тўққизинчи, Анастасия Журавлева эса 5 м. 92 см. кўрсаткич билан 12-ўринни банд этди.

Сергей Дементьев ядро улоқтириш мусобақасида 17 м. 47 см. натижа билан 8-ўринни эгаллади.

Босқон улоқтириш мусобақасида иштирок этган яна бир ўзбекистонлик спортчи Анастасия Асланиду 50 м. 64 см. кўрсаткич билан 6-ўринни банд этди.

Кўпроқ янгиликлар