Тошкент француз альянси ўз ишини бошлади

Ўзбекистон 04 Июнь 2015 691

Тошкент француз альянси очилиши муносабати билан 3 июнь куни матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда "Газета.уз" нашри маълум қилган.

Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Жак-Анри Эльснинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида рўйхатга олинган Тошкент француз альянси француз тилини ўқитиш бўйича фаолият олиб боради.

Альянс раиси Шоазим Минаваровнинг таъкидлашича, тил ўрганишни уч ёшдан бошлаб кўплаб турли гуруҳларда ўтиш мумкин. Ёзги икки ойлик интенсив француз тили дарслари учун рўйхатга олиш 9 июндан 20 июнгача бўлиб ўтади. Бутун ўқув йили давомида эса уч ойлик сессиялар ташкил қилинади.

Тошкент француз альянси ижрочи директори Юлия Мрачковскаянинг сўзларига кўра, ёзги тезкор курсларнинг бир ойида ўқув йилидаги уч ойлик сессияни ўқиш имконияти бўлади. Шунингдек, болалар учун махсус дастур ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.

Ўқиш якунида тингловчининг даражаси кўрсатилган сертификат берилади. Шунингдек, бу ерда Франция элчихонаси кўмагида француз тили бўйича сертификат ва дипломларни олиш учун расмий имтиҳонлар ўтказилади. Тошкент француз альянси 2014 йил ёзида ёпилган Тошкентдаги Француз институтининг собиқ биносида жойлашади.

Кўпроқ янгиликлар