УЕФА вице-президенти, Украина футбол федерациясининг собиқ раҳбари Григорий Суркис ФИФАдаги коррупция бўйича тергов доирасида Россия ва Қатар футбол бўйича жаҳон чемпионатини қабул қилишни ҳалол йўл билан олмаган бўлса, 2018 ва 2022 йиллардаги жаҳон чемпионатларини ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум этилишлари мумкинлигини айтмоқда.

“Бугунги кунда АҚШ ва Швейцария ҳуқуқ-тартибот муассасалари томонидан олиб борилаётан тергов доирасида мусобақаларни ўтказиш ҳуқуқи ҳалол йўл билан олинмагани исботланса, унда ҳамма нарса бўлиши мумкин”, деб айтмоқда Суркис.

АҚШ Федерал қидирувлар бюроси ФИФА нима учун 2018 йилги жаҳон чемпионатини ўтказишни Россияга, 2022 йилги жаҳон чемпионатини эса Қатарга ишониб топширганини текшириб кўрмоқчи.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Россиянинг жаҳон чемпионатидан маҳрум этилиши эҳтимоли мавжудлигига изоҳ бера туриб, “Россия жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўришни давом эттирмоқда”, деб айтиб ўтди.