Ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати доирасида Крайсчерч шаҳрида бўлиб ўтган Германия ва Ўзбекистон термалари учрашувида 3:0 ҳисоби қайд этилиб, ўзбекистонлик футболчилар гуруҳнинг иккинчи ўйинида ҳам мағлуб бўлишди.

Ўйинда Равшан Ҳайдаров шогирдлари ҳимоявий тактика танлаган ҳолда ҳаракат қилишди. Биринчи таймнинг 33 дақиқасида Франкфуртнинг "Айнтрахт" жамоаси аъзоси бўлган Марко Штендера ҳисобни очди. Иккинчи таймда германияликлар яна иккита гол уриб, ҳисобни 3:0 ҳолига келтиришди. Голларга Акпогума (53) ва Штендера (85) муаллифлик қилишди.

Энди Ўзбекистон термаси гуруҳдаги учинчи учрашувини 7 июнь куни Фижи ёшларига қарши ўтказади. Турнир қоидаларига кўра гуруҳларда энг яхши натижалар қайд этган учинчи ўрин соҳиблари ҳам кейинги босқичга чиқиши мумкин. Ўзбекистонликлар Фижини йирикроқ ҳисобда мағлуб этиш орқали ва Германия Гондурасни ҳам ютиши эвазига гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаш имконини сақлаб турибди.

ЖЧ-2015, F гуруҳи

2-тур
Германия U-20 - Ўзбекистон U-20 - 3:0
Гол: Штендера 33, Акпогума 53, Штендера 85
Германия: Шваеб, Проемел, Акпогума, Старк, Оезтунали, Штейнман, Штендера, Брандт, Кемпф, Бауер, Мухтор
Ўзбекистон: Дилшод Ҳамроев, Рустам Ашурматов, Иброҳим Абдуллаев, Одил Ҳамробеков, Акром Комилов, Жавоҳир Соҳибов (с), Элдор Шомуродов, Отабек Шукуров, Достонбек Ҳамдамов, Забихилло Ўринбоев, Достонбек Турсунов.