Италиянинг “Милан” жамоасига Синиша Михайлович бош мураббий этиб тайинланадиган бўлса, унда жамоа расман уч нафар бош мураббийга маош тўлашига тўғри келади.

“Россонерилар” раҳбарияти бу мавсумни очиқчасига ёмон ўтказган жамоанинг бош мураббийи Филиппо Индзаги билан шартномани бекор қилмоқчи.

Сербиялик мураббий Синиша Михайлович “Милан”нинг навбатдаги бош мураббийи бўлиши арафасида турибди. Мутахассис жамоа билан деярли тўлақонли шартнома имзолаб бўлган. Миланликлар вице-президенти 4 июнь куни Михайлович билан кечки овқат устида гаплашиб, шартнома тузиш масаласини деярли ҳал қилган.

Сербиялик мураббийнинг жамоага тайинланишига тўсқинлик қилаётган бош омил амалдаги мураббий Филиппо Индзагининг жамоа билан шартномасини бекор қилишни истамётгани бўлмоқда. Индзагининг шартномаси яна икки мавсум давомида амал қилади. Ўз вақтида жамоанинг собиқ мураббийи Кларенс Зеедорф ҳам истеъфога кетишни истамаган ва ҳали ҳам ҳар ой жамоа ҳисобидан маош олиб келмоқда.

Шу тариқа кейинги ойдан “россонерилар” бирданига жамоанинг иккита собиқ мураббийига ва бўлғуси мураббийига маош тўлашларига тўғри келиши мумкин.