Ҳар йили анъанавий равишда 5 июнда Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни нишонланади. Бу кун БМТ учун дунё ҳамжамияти эътиборини атроф-муҳит муаммоларига жалб қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган сиёсий қизиқиш ва тегишли ҳаракатларни келтириб чиқаришнинг асосий асосий усулларидан бири ҳисобланади.

Ушбу кун 1972 йил июнида Атроф-муҳит муаммолари бўйича Стокгольм анжуманида қабул қилинган резолюцияга мувофиқ ташкил этилган. Бу кунни нишонлашдан мақсад ҳар бир инсонда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ўз ҳиссасини қўшиш истагини уйғотишдан иборат.

Бошқа сўз билан айтганда, дунё халқларига барқарор ва ҳаққоний ривожланишга фаол қўмак беришга имконият бериш, табиатни муҳофаза қилиш масалаларига ёндошувларни ўзгартиришда асосий ҳаракатлантирувчи кучлардан бири бизнинг ўзимиз, жамиятимиз эканлигини тушунишга ёрдам бериш зарур ҳамда барча давлат ва халқларда хавфсиз ва фаровон келажак бўлишини таъминлаш учун ҳамкорлик алоқаларининг фойдалилигини тушунтиришдан иборат.

Бу кунда ранг-баранг томошалар, кўча намойишлари, велосипедчилар парадлари, “яшил концертлар”, мактабларда атроф-муҳитни сақлашга бағишланган иншо ва плакатлар танлови ўтказилади, дарахтлар экиш, чиқиндиларни қайта ишлаш кампаниялари ва ҳудудларни тозалаш ишлари ташкил этилади.