БМТ бош котиб Пан Ги Мун Қозоғистон пойтахтида 10 июнь куни бўлиб ўтадиган Бешинчи умумжаҳон ва анъанавий диний етакчилар ассамблеясига ташриф буюради. Бу ҳақда унинг расмий вакили Стефан Дюжаррик баёнот берди.
Бундан ташқари, Пан Ги Мун сафар чоғида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, бош вазир Карим Масимов, ТИВ раҳбари Ерлан Идрисов ва сенат спикери Қосим-Жўмарт Тўқаев билан учрашувлар ўтказади.

Пан Ги Мун Қозоғистонга Ўрта Осиё турнеси доирасида ташриф буюради. 9 июнь куни у Тожикистонда бўлиб, бир қатор тадбирларда иштирок этади ва олий даражадаги учрашувлар ўтказади. Жумладан, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан учрашув ўтказади ва Сарез кўлига сафар уюштиради. 11 июнь куни БМТ раҳбари Бишкекда бўлиб ўтадиган Қирғизистонда парламентаризмни ривожлантириш масалаларига бағишланган халқаро конференциянинг очилиш маросимида иштирок этади, кейин эса мамлакат раҳбари Алмазбек Атамбаев билан музокаралар олиб боради. 12 июнда эса у Ўзбекистонга ташриф буюриб, президент Ислом Каримов ва ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашади.
Ниҳоят, Пан Ги Мун Туркманистонга ўтиб, мамлакат президенти билан суҳбат қилади, шунингдек, Халқаро гуманитар фанлар университети талабалари билан учрашув ўтказади.