Канадалик қўшиқчи Жастин Бибер автомобилни эҳтиётсизлик билан бошқариши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси сабабчиси бўлгани ва ЙТҲнинг бошқа иштирокчиларига ҳужум қилганини тан олди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги қўшиқчининг адвокати Брайан Гриспенга иқтибос келтирган хабар бермоқда.

Ушбу нохуш воқеа 2014 йилнинг август ойида Бибернинг Онтарио провинциясидаги Стэтфорд шаҳрига поп-қўшиқчи Селена Гомес ҳамроҳлигидаги сафари пайтида рўй берган. Бибернинг автомобили кечки пайт йўлда минивэн ва квадрацикл билан тўқнашиб кетган, сўнгра ЙТҲ иштирокчилари орасида жанжал чиққан.

Бибер ўз айбини тан олгандан кейин суд ундан барча айбловларни олиб ташлади. Бибер автомобилни эҳтиётсизлик билан бошқаргани учун 600 АҚШ доллари миқдорида жарима тўлайди ҳамда тўқнашувда жабр олганларга 80 АҚШ долларидан товон пули тўлайдиган бўлди.

Апрель ойида Аргентина суди Биберни 2013 йилда Буэнос-Айресда Диего Песоа исмли фотосуратчини дўппослагани юзасидан қўзғатилган жиноий иш бўйича сўроққа келмагани учун ҳисбга олишга рухсат берган эди. Муштлашувда иштирок этган Бибер ва унинг тансоқчиси агар яна Аргентина ҳудудида пайдо бўладиган бўлишса, ҳибсга олинади.

Шунингдек, 2014 йилнинг июлида Бибер Испаниянинг Ибица оролидаги ресторанлардан бирида актёр Орландо Блум билан ёқалашиб кетган эди.