“Битлз” гуруҳининг солисти Жон Ленноннинг Gibson номли гитараси Беверли-Хиллздаги аукцион пайтида сотиладиган бўлди. Бу гитара аввал Боб Диланнинг электрогитараси учун берилган рекорд даражадаги 965 минг доллар нархни ортда қолдириши эҳтимоли мавжуд, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.

Леннон ушбу J-160E Gibson акустик гитарасини Ливерпулда сотиб олган эди. Бу гитара 1963 йилда Лондоннинг Финсбери боғида Beatles берган Янги йил шоуси пайтида йўқолиб қолган эди ва 50 йил ўтибгина топилди.

Гитара АҚШда Жон Маккау исмли шахс томонидан эски буюмлар дўконидан сотиб олинган. Унинг ҳақиқийлиги ишлаб чиқариш серия рақамини солиштириш, ёғочи ва ундаги тирналишлар бўйича тасдиқланди. Ҳозир унинг дастлабки нархи 600-900 минг долларга баҳоланмоқда.

Аукцион 2015 йил 6 ноябрида бўлиб ўтади. Аукцион ташкилотчиси Julien's аукцион уйи эгаси Даррен Жулиен Ленноннинг гитарасини “мусиқа тарихидаги энг йирик топилмалардан бири” деб атади. Унинг айтишича, Beatles ижрочиси билан боғлиқ буюмлар аукционларга унча ҳам кўп қўйилмайди, чунки уларнинг эгалари бу буюмларни ўзларида сақлаб қолишни истайдилар. Леннонинг ўзи бу гитарасини энг яхши кўрган гитараларидан бири эканлигини ва уни йўқотиб қўйганидан афсусдалигини айтиб юрган.