Москва давлат университети фалсафа факультети раҳбарияти Туркия-Сурия чегарасини кесиб ўтиш чоғида қўлга олинган 2-курс талабаси Варвара Карауловани ўқишдан четлаштириши мумкин. Бу ҳақда факультет декани Владимир Миронов Интерфакс агентлигига маълумот берди.

“Уни бўшатиш масаласи кўриб чиқилади, негаки у сессияда иштирок этмаяпти. У ҳеч кимни огоҳлантирмасдан кетиб қолди. Бу талабалар кенгашида муҳокама қилинди”, – таъкидлаб ўтди декан.
Шунингдек, у бу каби ҳолатларга илгари ҳам гувоҳ бўлганини қўшимча қилиб ўтди: “Мен 11 йил декан муовини бўлдим, 18 йилдан буён деканман. 29 йил ичида бундай ҳолатлар бўлган. Талабалар баъзан айрим динларга қизиқиб қоладилар, улар хоҳ янги, хоҳ эски динлар бўлсин”.

5 июнь куни Россия ички ишлар вазирлиги Караулова Интерпол ёрдамида Туркия чегарасида қўлга олинганини маълум қилган эди. Қиз Сурияга ўтиб, "ИШИД" таркибига қўшилмоқчи бўлган. Айни пайтда у Туркия миллий миграция агентлигида сақлаб турилибди.

Интерпол уни 2 июндан қидира бошлади. Унинг қаерда эканлигини аниқлашда АҚШ, Туркия, Россия, Буюк Британия ва Испания вакиллари иштирок этди.