2015 йилнинг 3 июнь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг «Тафаккур» ўқиш залида замонавий рус тили асосчиси, буюк рус шоири, драматург ва носир Александр Сергеевич Пушкин таваллудига бағишланган “Қалбнинг ажиб шиддати” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди.

Кўргазмада шоирнинг болалик, ўсмирлик ва ёшлик давридан, ўқиш ва сургунлик йилларидан, унинг ўлими тарихи ва авлодлари ҳақида ҳиқоя қилувчи китоблар намойиш этилган.

Шунингдек, мазкур кўргазмада фойдаланувчилар эътиборига Пушкиннинг танланган асарлари, поэмалари, ҳикоялари, балладалари, хатлари, изоҳлари, доно ҳикматлари, афоризмлари ҳамда унинг ўз матнларига чизган «Пушкин қўли билан» расмлари жамланмаси ҳавола этилган. Пушкиннинг жаҳон адабиёти ва маданиятига қўшган ҳиссаси беқиёсдир. Унинг 16 банддан иборат тўлиқ асарлар тўплами ҳозирги кунда энг тугал мажмуаси ҳисобланади.

Кутубхона фойдаланувчилари кўргазмада мазкур 16 бандли мажмуа ва Пушкиннинг «Евгений Онегин», «Пиковая дама», «Борис Годунов», «Капитан қизи» асарлари билан танишади. 

Кўргазмага ташриф буюрган фойдаланувчилар Ўзбекистон Миллий кутубхонаси китоб фондида мавжуд Пушкиннинг ҳаёти ва ижодига дахлдор адабиётлар билан танишишлари мумкин бўлади.