Ўзбекистон таэквондо терма жамоаси Италиядаги жаҳон чемпионатида биринчи ўринни эгаллади

Спорт 05 Июнь 2015 1582

Италиянинг Венеция шаҳрида ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида таэквондонинг ITF Васко йўналиши бўйича ўтказилган жаҳон чемпионати якунланди. Ўттизга яқин давлатдан 600 нафардан зиёд спортчи иштирок этган мусобақада ўзбекистонлик даян усталари ҳам муваффақиятли қатнашишди.

Якунда 16та олтин, 5та кумуш, 6та бронза медалини қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида илк маротаба биринчи ўринни эгаллади. Ўзбекистонликлардан Заргуна Ахрорқулова бир йўла 3та олтин медал билан тақдирланди. Зуҳра Эргашева икки бор шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Умумжамоа ҳисобида иккинчи ўрин Шотландия терма жамоасига насиб этган бўлса, кучли учликка Италия терма жамоаси якун ясаб берди. Ғолиблик учун асосий даъвогар ҳисобланган Россия терма жамоаси бу сафар тўртинчи ўрин билан кифояланди.

Энди терма жамоа аъзолари 28-30 август кунлари Болгарияда ўсмирлар ўртасида ўтказиладиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўришади. Шунингдек, таэквондочиларимиз июль ойида Хитой пойтахти Пекин шаҳрида ўтказиладиган халқаро турнирда ҳам иштирок этишади.  

Кўпроқ янгиликлар