"ИШИД" тарғибот варақаларининг тарқатилиши билан боғлиқ фактлар натижасида Ўзбекистон милицияси ва профессионал хавфсизлик компаниялари мактабларнинг ҳимояси ва назоратини кучайтириш борасида чоралар кўрмоқда. Гап биринчи навбатда сигнализация тизимларини ўрнатиш ҳақида кетмоқда.

30 апрель куни Паркентдаги Ҳисорак қишлоғида милиция томонидан ИШИД тарғиботида айбланаётган вояга етмаган шахс қўлга олинди. Мамлакат ички ишлар вазирлиги варақа тарқатган ўсмирнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади.

Май ойида бу каби ҳолат Янгийўлда такрорланди. Бухородаги мактаблардан бирига "ИШИД"нинг қора байроғи ўрнатиб кетилди.

Ҳозирги пайтгача Ўзбекистонда бевосита мактаблар хавфсизлигига қаратилган меъёрий-ҳуқуқий акт йўқ. Аммо яқинда бу борадаги қонунчилик базаси яратилиши айтилмоқда.