Ўзбекистонлик енгил атлетикачи Екатерина Воронина Осиё чемпиони бўлди

Спорт 05 Июнь 2015 855

Хитойнинг Ушань шаҳрида енгил атлетика бўйича ўтказилаётган Осиё чемпионатининг иккинчи кунида еттикураш баҳслари бўйича Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган спортчи қиз Екатерина Воронина терма жамоа ҳисобига иккинчи олтин медал олиб келди.

Биринчи кунги баҳслардан кейин у иккинчи бўлиб турганди. Якунда эса у 5689 очко жамғарган ҳолда барча рақибаларидан ўзиб кетди. Шу тариқа Воронина ҳам август ойида Пекинда ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланма олди. 

Шунингдек, 5000 метрга югуришда Марина Хвелевская саккизинчи, Анрей Петров олтинчи ўринни қўлга киритган бўлса, Сухроб Хўжаев босқон улоқтиришда 72.63 метр натижа қайд этиб, тўртинчи ўрин билан кифояланди. Артем Дялтов 400 метрга тўсиқлар оша югуришда 52,10 сония натижа билан финал йўлланмасига эга бўлолмади.

Эслатиб ўтамиз, турнирнинг биринчи кунида баландликка сакраш бўйича хотин-қизлар ўртасида бўлиб ўтган мусобақада энг юқори (1 м. 91 см.) натижани қайд этган Светлана Радзивил медаллари коллекциясига Осиё чемпионатининг навбатдаги олтин медалини қўшиб қўйганди.

Кўпроқ янгиликлар