6-13 июнь кунлари давомида БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Германияга ва ундан сўнг Марказий Осиё давлатларига сафар қилади. У Тожикистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистонга ташриф буюришни режалаштирган. Бу ҳақда БМТ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Пан Ги Мун 6 июнь куни Германияда бўлиб, Ангела Меркель ва Франк-Вальтер Штайнмайер билан учрашади. 8 июнда Элмауга ташриф буюриб, у ерда терроризмга қарши кураш масаласини муҳокама этади. 9 июнь куни Бош котиб Тожикистонга ташриф буюриб, “Сув ҳаёт учун” халқаро конференциясида иштирок этади. У бу ерда мамлакат президенти Эмомали Рахмон билан учрашади ва Сарез кўлини кўради.

10 июнда Пан Ги Мун Қозоғистонда бўлади ва у ерда дунёда ҳар йили анъанавий ўтказиладиган динлар бўйича давлат раҳбарлари иштирокидаги анжуманда қатнашади. Бош котиб Нурсултон Назарбоев ва бош вазир Карим Масимов ҳамда ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов билан учрашади.

11 июнда Пан Ги Мун Қирғизистонга сафар қилади ва парламентаризм бўйича анжуманда иштирок этади. Шунингдек, Бош котиб президент Алмазбек Атамбаев, бош вазир Темир Сариев ва парламент раиси Асилбек Жээнбеков билан учрашади. Шу билан бирга Пан Ги Мун Ўшга ташриф буюриб, у ерда жамоатчилик билан учрашади.

Ўзбекистонга Пан Ги Мун 12 июнда келади. Сафар дастурига кўра, Бош котиб президент Ислом Каримов ва ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашади.  

БМТ раҳбарининг сўнгги ташрифи Туркманистонга бўлади ва мамлакат президенти Гурбангули Бердимухаммедов ва бошқа расмий вакиллар билан учрашиши кутилмоқда.