Италиялик афсонавий ҳимоячи Паоло Мальдини ЕЧЛ финали олдидан ўз фикрларини билдириб ўтди.
 
"Мен ўз фаолиятимда саккиз марта бундай даражадаги ўйинларда майдонга тушганман. Ҳар сафар бу совринга эришиш учун сўнгги имкониятдек туюлар эди. Финал босими остида кулгули хатоларга йўл қўйишинг мумкин. Бундай ўйинда ғалаба қозониш учун совуққон мураббий ва сардор керак бўлади.
Уларнинг ўрни жамоанинг бошқа аъзоларининг ҳаяжонини босиб олишида муҳим ўрин тутади. "Ювентус" таркибидаги Пирло, Буффон ва Тевес шу вазифани бажариши талаб қилинади.
 
Месси эса ўйин тақдирини бир ўзи ҳал қила оладиган футболчи. Менимча у аллақачон Марадона даражасидан ўсиб кетди. У жуда юқори техника ва тезликка эга, лекин "Ювентус" ҳам дунёдаги энг кучли ҳимоя чизиғига эга жамоалардан бири ҳисобланади.
 
Туринликларда ҳам ғалаба учун имконият мавжуд. Буффон бундай ғалабага ҳаммадан кўра ҳақли. Мен уни охирги 30 йилликнинг энг зўр дарвозабони сифатида биламан", дейди Мальдини Gazzetta dello Sport нашрига берган интервьюсида.