Украинанинг бош стадиони ҳисобланадиган Киевнинг “Динамо” клуби уй майдони бўлмиш “Олимпийский” стадионида майдон билан трибуналар ўртасида тўрлар ва панжаралардан иборат тўсиқлар барпо этилади. Бу ҳақда “Футбол “ телеканалига Украина футбол федерацияси вице-президенти Игорь Кочетов маълум қилди.

“Клуб ўзининг ҳақиқий мухлисларига раҳмат айтади. “Олимпийский”да тўрлар ва панжаралардан иборат тўсиқ барпо этилади. Буни амалга оширишимизга шубҳам йўқ. Биз буни кейинги мавсум бошлангунга қадар амалга оширишимиз шарт. Украина Чемпионлар Лигаси финалини ўтказиш учун номзодини таклиф қилмоқчи. Бироқ бу масала ҳал бўлишидан аввал биз бу финални ўтказа олишимизни исботлашимиз керак”, деб айтмоқда Кочетов.

УФФ бундай чораларни қабул қилишига 4 июнь куни Украина кубоги финалида Киевнинг “Динамо” жамоаси ва Донецкнинг “Шахтёр” жамоаси ўртасидаги учрашув тугаши билан бошланган бетартибликлар сабаб бўлди. Учрашувнинг асосий вақти 0:0 ҳисобида тугаган, пенальтилар сериясида “Динамо”нинг 5:4 ҳисобида қўли баланд келиб, мамлакат кубогини қўлга киритган эди. Ўйин тугагандан кейин киевликларнинг юзлаб мухлислари тўсиқлардан ўтиб, майдонга югуриб чиқишган. Баъзилар дарвозага югуриб бориб, унга осилиб, итариб, натижада ағанатиб юборишган. Бундан ташқари, мухлислар майдон стюардларига ҳам ҳужум қилишган.