Бугун 6 июнда Берлинда Турин ва Каталония клублари “Ювентус” ва “Барселона” Чемпионлар Лигаси финалида Европанинг энг яхши футбол клуби номи учун кураш олиб боради.

“Ювентус” 12 йилдан бери илк бор ушбу мусобақанинг финалига чиқа олди ва ўзининг тарихида учинчи бор, “Барселона” эса бешинчи бор ва охирги ўн йил ичида тўртинчи бор бу мусобақани ютишга ҳаракат қилиб кўради. Берлиндаги ғалаба иккала жамоа бош мураббийлари учун ҳам клублардаги ўзларининг дебют мавсумларининг ажойиб тарзда якунланиши бўлиши мумкин. Массимилиано Аллегри “Ювентус” билан биринчи мавсумида Италия чемпионатини ютишга, Луис Энрике эса Испания чемпионатини ютиб “Барселона” билан худди шундай кўрсаткичга эришишга муваффақ бўлди.

Бундан ташқари, иккала жамоа ҳам ушбу мавсумда ўз мамлакатларининг кубогини қўлга киритишга муваффақ бўлишди, ҳамда Чемпионлар Лигасидаги ғалаба уларга ўзига хос “олтин хет-трик”ни расмийлаштиришга имкон беради. “Барселона” учун бундай натижа унинг тарихидаги иккинчи шундай муваффақият бўлади, жамоа 2008/09 йиллардаги мавсумда бунинг уддасидан чиққан эди. Каталонияликлардан ташқари бир мавсумда учта асосий мусобақани яна "Селтик" (1967), "Аякс" (1972), ПСВ (1988), "Манчестер Юнайтед" (1999), "Интер" (2010) ва "Бавария" (2013) клублари ютишга муваффақ бўлишган.

“Юве” учун бу Европа чемпионлари кубогидаги саккизинчи финали бўлади. Туринликлар аввалги 7 финалдан бор-йўғи иккитасида ютишган:

1972/73, "Аякс"дан 0:1 ҳисобида мағлубият;

1982/83, "Гамбург"дан 0:1 ҳисобида мағлубият;

1984/85, "Ливерпуль" устидан 1:0 ҳисобида ғалаба;

1995/96, "Аякс" билан 1:1 дурангдан кейин пенальтилар серияси бўйича 4:2 ҳисобида ғалаба;

1996/97, Дортмунднинг "Боруссии" клубидан 1:3 ҳисобида мағлубият;

1997/98, “Реал”дан 0:1 ҳисобида мағлубият;

2002/03, "Милан" билан 0:0 дуранг натижадан кейин пенальтилар серияси бўйича 2:3 ҳисобидаги мағлубият.

Бу финал “Барса” учун ҳам ушбу мусобақанинг 8-финал учрашуви бўлади. Жамоа аввалги 7 та финалдан 4 тасида ғалаба қозонган, 3 тасида мағлуб бўлган.

1960/61, 2:3 ҳисобида "Бенфика"дан мағлубият;

1985/86, "Стяуа" билан 0:0 дурангдан кейин пенальтилар серияси бўйича 0:2 ҳисобида мағлубият;

1991/92, 1:0 ҳисобида "Сампдория" устидан ғалаба;

1993/94, 0:4 ҳисобида "Милан"дан мағлубият;

2005/06, 2:1 ҳисобида “Арсенал” устидан ғалаба;

2008/09, 2:0 ҳисобида "Манчестер Юнайтед" устидан ғалаба;

2010/11, 3:1 ҳисобида "Манчестер Юнайтед" устидан ғалаба.

“Ювентус” 2002/03 йиллардаги Чемпионлар Лигаси нимчорагида “Барселона”ни мағлубиятга учратган эди. Жамоалар Туриндаги 1:1 ҳисобидан кейин “Камп Ноу”да ҳам шундай ҳисобни қайд қилишган ҳамда қўшимча таймда “Юве” футболчиси Марсело Салайетанинг 114-дақиқадаги голи барчасини ҳал қилган.