Саудия Арабистони хавфсизлик хизматлари охирги бир неча кун давомида қиролликнинг шарқидаги шиалар масжидидаги терактга алоқадорликда гумон қилинаётган 45 нафар кишини ҳибсга олди, деб хабар бермоқда “Аль-Хайят” газетаси ўзининг сайтида.

Бу теракт қиролликнинг шарқий вилоятида жойлашган Даммам шаҳридаги шиалар масжиди кираверишида амалга оширилган. Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлиги берган маълумотларга кўра, тўрт нафар киши, шу жумладан террорчининг ўзи масжид олдида қўйилган миналаштирилган автомобиль портлаши оқибатида ҳалок бўлган. Даммамдаги терактда ўзини портлатган террорчи, қиролликнинг шимолидаги Хаил шаҳрида яшовчи Саудия Арабистонининг 20 ёшли фуқароси ўтган йили Маккада ҳаж пайтида Мино водийсида "ИШИД" байроғини осиб қўйган эди.

Даммамдаги терактдан бир ҳафта олдин яна бир террорчи Ал-Катиф вилоятининг Ал-Кудайх деган жойида ўзини портлатиши оқибатида 22 киши ҳалок бўлган эди.

Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлиги охирги икки терактни амалга оширишда гумон қилинаётган "ИШИД" гуруҳининг 16 нафар аъзосини террорчилик фаолиятини амалга оширишда гумон қилиниб қидирилаётган шахслар рўйхатига киритган. Саудия Арабистони ҳукумати рўйхатдаги одамларни қўлга олишда ёрдам кўрсатган шахсларга 7 миллион саудия риали (2 млн долларга яқин) мукофот пули ваъда қилган.