6 июнь куни Сурияда мусулмон дунёсини ҳайратга солган воқеа содир бўлди. Мамлакатнинг Ўрта Ер денгизи соҳилида жойлашган шаҳри бўлмиш Тартусда Биби Марям номи билан янги масжид очилди.

Суриянинг Дин ишлари бўйича вазири Муҳаммад Абдул Саттор ас-Саййоднинг айтишича, Исо Масиҳнинг онаси сифатида қараладиган Биби Марям номи билан масжид очилиши мусулмон ва христианларнинг биродарлиги рамзи ҳисобланади.

Тартус ва Латакия шаҳридаги католиклар патриархи Антуан Диб ҳам бу иш мусулмонларнинг бағрикенглиги ифодаси эканлигини қайд этган ва бу икки дин бир хил мақсадни, дунёда тинчлик бўлишини тарғиб қилишини таъкидлаган.

Тартус шаҳридаги бу воқеага халқаро кузатувчилар ҳам яхши баҳо беришган ва Сурияда ҳамиша икки дин вакиллари дўстона муносабатлар билан умргузаронлик қилиб келишганини эътироф этишган.

Қайд этилишича, Сурияда фуқаролар уруши бошланишидан олдин 2 миллион насроний яшаган ва бу жами аҳолининг 10 фоизидан ортиқроғини ташкил қилган.

2014 йилнинг ўрталаридан бошлаб, "ИШИД" террорчилари фаоллашиши туфайли мамлакатни 1 миллионга яқин насроний тарк этган. Жангарилар шу вақтгача Суриядаги 100дан ортиқ ибодатхонани бузиб ташлаган.