Бухорода Ўзбекистон Республикаси табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Бухоро вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамда Бухоро давлат университети томонидан Орол денгизи минтақасида юзага келган экологик офатнинг атроф-муҳитга таъсири ва уни бартараф этиш масаласига бағишланган республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар тарқатди.

Оролнинг қуриган тубидан атмосферага кўтарилган катта миқдордаги чанг ва тузлар яқин ва олис минтақаларга тарқалмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, бунинг оқибатида Бухоро вилояти экинзорларига ҳар йили гектарига ўртача 250-400 килограммгача модда келиб тушади. Улар далалар унумдорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундай тузлар, айниқса, тарихий-меъморий обидалар сиртига путур етказмоқда.

Конференцияда иқлим ўзгаришлари, чўлланишга қарши курашиш, сув ресурсларини бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш масаласи кенг муҳокама этилди.

«Сув танқислиги шароитида уни тежаб-тергаш ҳам иқтисодий, ҳам экологик аҳамият касб этади. Масалан, намни тупроқда узоқ сақлашга қаратилган агротехник тадбирлар, экинларни томчилаб суғориш билан бир қаторда мамлакатимиз олимлари томонидан яратилган гидрогелларни қўллаш ҳам яхши самара бермоқда. Бугунги кунда қатор туманлар, жумладан, Қоровулбозорда сувни тежовчи гидрогелларни илмий асосланган ҳолда татбиқ этишда яхши тажриба тўпланди», – дейди Бухоро давлат университети доценти Равшан Юнусов.

Иқлим ўзгариши ва Орол муаммоси шароитида биологик хилма-хилликни асраш масаласи, шунингдек, бу борада муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни кенгайтириш билан чекланмасдан, улардаги турлар сони ва ҳолатини аниқлаш, илмий ўрганиш мақсадида тўлақонли хатловдан ўтказиш, ҳудуднинг олдига қўйилган вазифалар қай даражада бажарилаётганини баҳолаш, айни пайтда ўсимлик ва ҳайвонот олами кадастрини яратиш зарурлиги таъкидланди.